Хоразм вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси илғор давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишнинг янги усулини таклиф қилди. Бу ҳақда ИИВ ЖХД ЙҲХнинг Telegram-каналида видеоролик эълон қилинди.
Унга кўра, мактаб ва боғчалар ёнидаги гавжум кўча ва чорраҳаларида "янги турдаги" белгилар чизиб қўйилмоқда. Улар сариқ рангда айлана шаклида бўлиб, ичида иккита оёқ изи ва STOP ёзуви бор. Кўчанинг ўртасида худди шу белгилар оқ фонда қўлланади. Видеода айтилишича, мактабларда ўқувчиларга қуйидаги тўрт босқичда кўчани кесиб ўтиш ўргатилади.
— ўтиш жойига яқинлашиб, болалар янги белгида тўхтаб, чапга, кейин эса ўнгга қарашлари керак;
— тартибга солинмаган чорраҳадан транспорт воситалари тўлиқ тўхтаганига ишонч ҳосил қилгандан кейингина йўлни кесиб ўтиш мумкин;
— қўллар юқорига кўтарилиб, машиналар тўхтаганига яна бир бор ишонч ҳосил қилинади, шундан сўнг болалар йўлдан ўтишлари мумкин;
— ўтиб бўлингач, болалар машиналарга ўгирилиб, «миллий анъаналардан келиб чиққан ҳолда» ҳайдовчиларга миннатдорлик билдиришлари керак.
Видеода болалар ҳайдовчиларга таъзим қилиб, уларга табассум билан қўл силкитишини кўриш мумкин.