Поиск
RUUZ

Политика

Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди

Мамлакатлар раҳбарлари муқобил энергия соҳасида, мис, литий ва бошқа ностандарт металлардан электр маҳсулотларини ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидладилар.

28views0replies
1

president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи 18 май куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан икки томонлама музокаралардан бошланди. Учрашув икки мамлакат делегациялари иштирокида Сиань шаҳридаги “Шэньси” қароргоҳида ўтди. Мамлакатлар раҳбарлари муқобил энергия соҳасида, мис, литий ва бошқа ностандарт металлардан электр маҳсулотларини ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидладилар.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин дастлаб давлат раҳбарини самимий қутлаб, мамлакатда Конституцияни янгилаш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан дилдан табриклади ва Ўзбекистонда бўлажак президент сайловида катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг янги даврида долзарб бўлган масалалар батафсил муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Бу, энг аввало, замонавий саноат қувватларини барпо этиш, инвестициявий ва юқори технологик корхоналарни ташкил этиш борасидаги қўшма лойиҳаларни назарда тутади. Куни кеча ўтказилган бизнес-форум якунида умумий қиймати 25 миллиард долларлик истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди ва келишувларга эришилди.
Муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича қуёш, шамол ва сув электр станцияларини барпо этиш, қуёш панеллари, электр ускуналар, трансформаторлар, аккумуляторлар ишлаб чиқариш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва мутахассисларни тайёрлаш борасидаги лойиҳалардан иборат инвестициявий-технологик ҳамкорлик дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Янги авлод автомобилларини ишлаб чиқариш соҳасидаги кооперацияни кенгайтириш – электр ва гибрид автотранспорт воситаларини йиғиш бўйича замонавий заводларни ишга тушириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Турдош тармоқлардаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Хусусан, мис, литий, нодир металларни чуқур қайта ишлаш асосида электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юқори технологик кластерни барпо этиш шулар жумласидан.
Бундан ташқари, пластмассалар, кимёвий маҳсулотлар, металл буюмлар, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, биотехнологиялар кластерини ташкил этишда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришдан мамлакатларимиз манфаатдор экани таъкидланди.
Хитойнинг етакчи банклари ва “Ипак йўли” фонди, шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юксак баҳоланди. Икки мамлакат ҳудудларининг ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, шу жумладан Сирдарё вилоятини “Илғор технологиялар ҳудуди”га айлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Фаол мулоқотлар ва авиақатновлар қайта тикланишини ҳисобга олиб, жорий йилда Ўзбекистонда икки мамлакат шаҳар ва ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш масаласи ўрганилади. Кейинги йилларда икки бараварга кўпайган ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун мақсадли кўрсаткичлар ва товарлар таркиби белгилаб олинди.
“Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги қайд этилди. Гуманитар соҳа муҳокама қилинар экан, таълим ва туризмда ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият, санъат ва кино кунларини ўтказиш, анъанавий тиббиёт, кўз ва бошқа турдаги касалликларни даволаш, вакцина ва фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасидаги дастурларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.
28views0replies
1

Комментарии