Самарқандда эркак хотинининг ҳиёнатига чидолмай икки фарзандини ўлдирди. Бу ҳақда UzNews.uz'га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 17 май куни соат 03:00 ларда Тойлоқ туманида содир бўлган. Шу туманда яшовчи 39 ёшли эркак Россияга ишлаш учун кетган турмуш ўртоғини бегона шахслар билан ишқий муносабатда бўлганлиги ҳақида видеоларини кўриб, у билан телефон орқали жанжаллашган.
Сўнг, у турмуш ўртоғидан қасд олиш мақсадида яшаш уйида ухлаб ётган 2015 ва 2017 йилларда туғилган икки нафар фарзандини қасддан ўлдирган ва туман ИИБга келиб бу ҳақида маълум қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а" ва "в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи процессуал тартибида ушланган.