Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда ЙПХ формасини кийиб, одам ўғирлаган жиноий гуруҳ фош қилинди

Улар бир эркакни ўғирлаб қийнашган ва пул талаб қилишган. Жиноятчиларга суд ҳукми ўқилди.

448views0replies
0

Видеодан кадр

Тошкентда одам ўғирлаш, босқинчилик ва бошқа қатор жиноятларни содир этишда айбли деб топилган тўрт нафар шахсга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда “Миллар” информацион дастурида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, судланувчилардан бири ЙПХ инспектори формасини кийиб олиб, фуқарони йўлда тўхтатган ва уни ўғирлаб кетган. Аниқланишича, улар дастлаб жабрланувчидан 7 минг АҚШ долларини босқинчилик йўли билан қўлга киритган ва ундан яна катта миқдорда пул талаб қилган.
Иш ҳужжатларида айтишича, фуқаро агарда сўралган пулларни бермаса судланувчилар жабрланувчининг бармоқларини кесиб, оила аъзоларини ўлдириш билан қўрқитишган. Жабрланувчи жиноятчилар қўлидан қочиб қутилиш учун юриб кетаётган машинадан ўзини ташлаб, одамларни ёрдамга чақирган.
Ходимларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида гумонланувчиларнинг барчаси қўлга олинган. Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида кўриб чиқилган.
Суд ҳукми билан 1980 йилда туғилган судланувчи ЖКнинг 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисмининг “б, в” бандлари, 28,164-моддаси 2-қисмининг (босқинчиликда ташкилотчи) “а, б, в” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисмининг “а” банди, 28,267-моддаси 2-қисмининг (транспорт воситасини олиб қочишда ташкилотчи) “б, в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди ва 15 йил озодликдан маҳрум қилинди.
Шунингдек, 1994 йилда туғилган судланувчи эса 14 йил, 1997 йилда туғилган судланувчи 13 йил 6 ой ва 1981 йилда туғилган судланувчи 13 йил 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Судланувилардан солидар тартибда жабрланувчи фойдасига 437 139 548 сўм ундирилиши белгиланди.
448views0replies
0

Комментарии