Олмалиқ шаҳрида мактаб ўқувчиларини автомашина уриб юборганлиги ҳақида видеохабарлар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура изоҳ берди.
Аниқланишича, жорий йил 15 май куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида яшовчи 19 ёшли С.Х. (эркак) Damas автомашинасида "Тинчлик" кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган вақтда, ҳайдовчи қизил чироққа бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган ва йўлни кесиб ўтаётган 14 ёшли 2 нафар мактаб ўқувчиларини уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Автоҳалокат оқибатида тан жароҳати олган пиёдалар Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига олиб келинган. Мазкур ҳолат юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган ҳамда ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Олмалиқ тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.