Тошкент вилояти Чиноз туманида истиқомат қилувчи шахс ноқонуний равишда фуқароларга тонировка учун рухсатнома тайёрлаш билан шуғулланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати хабар берди.
Тошкент вилояти Чиноз туманида истимоқат қилувчи 1991 йилда туғилган фуқаро 2022 йилнинг июнь ойида My-gov-uz.net хостингини яратиб, ягона интерактив давлат хизматлари маркази портали my.gov.uz расмий хостингида мавжуд амалдаги транспорт воситалари ойналари тусини ўзгартиришга рухсат берувчи рухсатномадан кўчирма олиб, рухсатномадаги маълумотларни ўзгартириш йўли билан қалбакилаштириб, 2022 йилнинг июль ойидан 2023 йилнинг март ойига қадар ўзининг жиноий шериклари орқали жами 261 нафар фуқароларга ушбу қалбаки рухсатномаларнинг ҳар бирини 1,4 миллион сўмдан 2,4 миллион сўмгача бўлган нархда сотиб, умумий ҳисобда фуқароларга 365 миллион 400 минг сўм миқдорда моддий зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳга ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми "а" банди ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми "б" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.