Поиск
RUUZ

Общество

Нукусдаги оммавий тартибсизликларда айбдор деб топилган икки кишига сиртдан ҳукм ўқилди

"Алга Каракалпакстан" сепаратистик ҳаракати етакчиси Аманбай Сагидуллаев ва Қозоғистондаги қорақалпоқ диаспораси вакили Ниетбай Уразбаев Нукус воқеалари бўйича жиноий ишда айбланмоқда.

216views0replies
0

Аввалроқ, Қорақалпоғистон Республикаси судининг ЖИБ судлов ҳайъати томонидан ЖКнинг 28,104, 158, 159, 244 ва 244-1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Аманбай Сагидуллаев (1967 йилда туғилган) ва Ниетбай Уразбаев (1969 йилда туғилган) га оид жиноят иши очиқ суд жараёнида кўриб чиқилаётгани маълум қилинган эди.
Қайд этилишича, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлганлиги ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси уларнинг иштирокисиз ўтказилган.
Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 10 май куни мазкур жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.
Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг ЖИБ судлов ҳайъати судьяси С. Давлетмуратов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилган.
Суд ҳукмига кўра,
А. Сагидуллаев ЖКнинг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 4-қисми, 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми "а", "г" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 3-қисми тартибида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Н. Уразбаев ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми "а", "г" бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли, деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 59-моддаси 3-қисми тартибида 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Шунингдек, судланувчиларнинг айбидан ЖКнинг 28,104-моддаси 3-қисми "а" банди (ушбу харакатлар ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли) чиқарилган.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан Интернет тармоғидаги А. Сагидуллаевга тегишли саҳифалар, каналлар блокланиши белгиланган.
Таъкидланишича, мазкур ҳукмдан норози тарафлар Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг ЖИБ судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар беришга, прокурор эса протест билдиришга ҳақли эканлиги маълум қилинди,- дейилади хабарда.
216views0replies
0

Комментарии