Поиск
RUUZ

Реклама

Ўзбекистонда талабалар ҳаёти ҳақида янги форматдаги сериал тақдимоти бўлиб ўтди

Bugungi mavzu – талабалар ва университет ҳаёти ҳақида айтиб бериладиган 10 қисмли драматик сериал.

675views0replies
0

Сериал тақдимотига келганларнинг кўпчилигини талабалар ташкил қилди. Чунки Bugungi mavzu Ўзбекистонда талабалар ҳаётига бағишланган янги форматдаги илк сериал ҳисобланади.
Сериал номи нега айнан Bugungi mavzu деб номланганига Ziyo Forum директори Бобур Фармонов қуйидагича изоҳ берди. 
«Асосан сериалнинг ғоясини ўйлаётганимизда катта жамоа ишлаган. Номига тўхталадиган бўлсак, мактаб, институтда ҳар битта дарс устознинг “Бугунги мавзу” деган гапи билан бошланади. Айнан мазкур сериалда ҳам талабаларнинг ҳаёти ёритилган. Ҳар бир қисмда талабаларнинг муаммолари, ютуқлари ва 1-босқичдан то 4-босқичгача бўлган йўли кўрсатиб берилган. Агар ҳар бир талаба ўз устида ишласа, ўз олдига юқори мақсадлар қўйса, албатта орзуларига эришишини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик».
Сценарий муаллифи Садоқат Султанмуратова сериал ғояси бу йил ва ўтган йиллар давомида талабалар ҳаётида рўй берган муаммоли масалалар билан боғлиқ эканлигини таъкидлади:
«Ушбу сериал қандайдир «просмотрлар» учун тайёрланмаган. Қолаверса, сунъий равишда муаммолар ўйлаб топилмаган. Имкон қадар университет ҳаётини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдик. Томошабинлардан муаммолар билан биргаликда, айнан кўрсатиб ўтилган ечимга эътибор қаратишларини сўраб қолган бўлар эдик».
Ҳозирда ушбу сериални YouTube орқали трансляция қилиш режалаштирилган.
«Ҳозирги пайтда ёшларимиз ёки ёши катталар ҳам айнан YouTube дан контент кўришяпти. Қайсидир маънода бу фильм YouTube да бир умрга ҳам қолади, агар телевидениега берадиган бўлсак, фақат эфир вақтларида кўрилиб, бошқа вақтларда кўришнинг имкони бўлмайди», – дейди Ziyo Forum директорининг ўринбосари Олимжон Ҳаитмухамедов.
Диана Абдусаматова (актриса):
«Bugungi mavzu сериалида Ширин образини ижро қилдим. Ўзим ҳам талабаман. Ширин образини ижобий ҳам, салбий ҳам деб бўлмайди. Чунки у ота-онасидан, акасидан меҳр кўрмаган қиз бўлади. Кўчада ёмон йўлларга берилиб қолади. Лекин, сериал давомида тўғри ечим ҳам кўрсатиб берилган. Кўриш ва баҳо бериш албатта мухлисларга».
Томошабин:
«Бу сериалнинг ҳозир биринчи қисмини кўрган бўлсам-да, давомини ҳам тезроқ кўришга қизиқдим. Илк қисмида айнан талаба қиз ҳаётида “замдекан” билан боғлиқ бўлган нохуш воқеа кўрсатиб берилибди. Балки талаба қиз ҳам сериалдагидек йўл тутганда у каби воқеалар рўй бермасмиди?
Энг қувонарлиси, бу сериалда талабалар учун тўғри йўналишлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Ўйлайманки, ҳар бир томошабин бу сериал орқали қайсидир маънода ўзини кўради. Чунки ростдан ҳам реал воқеаларга асосланиб, суратга олинибди. Сериални нафақат талаба ва устозлар, балки уларнинг ота-оналари ҳам кўришларини хоҳлардим. Ҳар бир томошабин ўзига оз бўлса-да хулоса олади, деган умиддаман».
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур сериалнинг иккинчи босқичини ҳам айнан талабаларга оид, лекин, бошқа мавзуларда суратга олиш режалаштирилмоқда. Негаки уларда мавзулар ва муаммолар етарли. Ушбу муаммоларнинг ечимини сериал орқали кўрсатиб бериш қайсидир маънода тўғри ечим бўла олади.
Ушбу сериалнинг тўлиқ версиясини ҳавола орқали YouTube да кўриш мумкин.
Реклама ҳуқуқи асосида
675views0replies
0

Комментарии