Поиск
RUUZ

Общество

Сурхондарёда анор шарбатлари орасида синтетик гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистонга олиб кираётган шахслар ушланди

Пластик идишларга қадоқланган 18 тонна анор шарбатлари орасида шу идишларга ўхшатиб қадоқланиб, ичига 103 кг “Метамфетамин” моддалар қуйилган идишлар борлиги аниқланди.

266views0replies
0

Божхона Қўмитаси

Сурхондарёда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистонга синтетик гиёҳвандлик воситаларининг яширин равишда олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона пости орқали кириб келган юк автотранспорт воситаси ҳужжатларга кўра, 9 000 дона пластик идишларга қадоқланган 18 тонна анор шарбати ортилган бўлиб, пойтахтдаги МЧЖдан бирининг номига юборилган.
Аммо, божхона органлари фаолиятига жорий қилинган “Хавфларни бошқариш” тизимида юклар “қизил” йўлакка йўналтирилган. Шундан сўнг, ушбу юк автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилган. Кўрик давомида шубҳага сабаб бўлган жиҳат шунда-ки, айрим анор шарбати идишларига “М” ҳарфи белгиси туширилган бўлиб, айнан шу идишлардаги шарбатнинг ранги ҳам бошқаларидан бироз фарқ қилган. Қолаверса, айнан шу идишлар очиб кўрилганида, идиш оғзидаги ҳимоя қатламлари ҳам муқаддам очилгани шубҳаларни янада орттирган.
Гиёҳвандлик воситаларини тезкор аниқлашга хизмат қилувчи синама кўмагида ушбу шарбат текшириб кўрилганида, унинг таркибида “Метамфетамин” номли синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Айнан “М” ҳарфи туширилган шарбатлар сони 48 дона бўлиб, идиши билан ҳисоблаганда уларнинг умумий оғирлиги 103 кг.ни ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, метамфетамин моддаси мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган наркотик моддалар рўйхатига киритилган. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
266views0replies
0

Комментарии