Поиск
RUUZ

Экономика

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ушлаб туриш сабабларини тушунтирди

Регуляторнинг қайд этишича, ушбу қарор нархлар ўсишининг янада секинлашиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

36views0replies
0

UzNews.uz

Бугун, 4 май куни Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
"Ушбу қарор иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берадиган пул-кредит шароитларини таъминлашга, шунингдек, ялпи талаб ва таклифнинг мутаносиб ўсишини таъминлаш учун март ойида асосий ставканинг пасайиши ижобий таъсирини давом эттиришга қаратилган", - дейилади регулятор баёнотида.
Йиллик инфляция даражаси март ва апрель ойларида ҳам пасайишда давом этди ва мос равишда 11,7% ва 11%ни ташкил этди. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кейинги 12 ой давомида инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясига қайтди ва мос равишда 14,4% ва 14,1% даражасида шаклланди. Шу билан бирга, аҳолининг инфляция кутилмаларини ўртача баҳолаш 11,5 фоизга, тадбиркорлик субъектлари эса 11,4 фоизга камайди.
Шунингдек, таъкидланишича, халқаро банк тизимида юзага келаётган хатарларга нисбатан тез жавоб чоралари қўлланилишига қарамай, кредитлашнинг қаттиқ шартлари ва келгуси рискларга нисбатан ноаниқлик йил охиригача сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.
Ўтган йили трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўсиш суръатларининг юқорилиги, жорий йилда давлат бюджети харажатларининг кўпайиши, жумладан, иш ҳақи ва нафақалар миқдорининг ошиши истеъмол талаби ўсишини таъминловчи асосий омиллардир. Бу, ўз навбатида, келгуси чоракларда ҳам юқори иқтисодий фаолликни таъминлашга хизмат қилади.
Янгиланган глобал ўсиш прогнозларига кўра, 2023 йилнинг иккинчи ярмида глобал иқтисодий ўсиш секинлашиши кутилмоқда. Глобал инфляция кутилганидан секинроқ пасайишда давом этади. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳасида нархларнинг барқарор ўсиш тенденциялари кузатилмоқда. Кўпгина мамлакатларда асосий инфляция юқорилигича қолмоқда, бу эса қаттиқ глобал молиявий шароит узоқ давом этиши эҳтимолини оширади. Жаҳон хомашё бозорларида юқори тебранувчанлик юзага келиб, асосий экспорт товарлари нархлари бўйича ноаниқликлар ортмоқда.
"Тижорат банклари томонидан аҳолига берилаётган кредитлар ҳажмининг кескин ошиши қарз юкининг ортиши ҳисобига молиявий ва макроиқтисодий барқарорлик учун хавф туғдириши мумкинлигини инобатга олиб, Марказий банк томонидан макропруденциал сиёсат чораларини қўллаш орқали кредитлар ўсишини мувозанатлаштириш чораларини кўради", - дея таъкидлади Марказий банк.
Янгиланган прогнозлар 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсишининг илгари прогноз қилинганидан юқори бўлиши эҳтимолини оширади. Йил якуни бўйича инфляция даражасининг прогноз диапазони
8,5-9,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.
"Марказий банк монетар шароитларнинг талаб, нархлар ва инфляция кутилмаларига таъсирини яқиндан баҳолашда давом этади. Қабул қилинаётган қарорлар прогноз коридори оралиғида инфляцияни шакллантиришга қаратилган бўлади", — дея хулоса қилди Марказий банк.
36views0replies
0

Комментарии