Поиск
RUUZ

Политика

Ўзбекистон ва Германия раҳбарлари Берлинда ўзбек халқининг маданий-тарихий мероси кўргазмасини очиб беришди — фото

Шавкат Мирзиёев ва Франк-Вальтер Штайнмайер Германияга ташрифи чоғида "Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача" номли ноёб кўргазмада иштирок этишди.

233views0replies
0

president.uz

Германияга ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Берлин шаҳридаги жаҳонга машҳур Жеймс Симон галереясида “Ўзбекистоннинг археологик хазиналари. Македониялик Искандардан Кушонлар салтанатигача” номли ноёб кўргазмани очдилар. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон раҳбари очилиш маросимида икки мамлакатда халқларнинг бой маданий мероси ва бугунги ютуқларига қизиқиш ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистонда Гёте, Гейне, Шиллер, Томас Манн, Ремарк ва кўплаб бошқа адибларнинг ўлмас ижодини, Бах, Бетховен, Штраус, Вагнернинг ажойиб мусиқасини яхши билишади ва қадрлашади.
Кўргазманинг очилиши Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги маданий алоқаларда диққатга сазовор воқеа бўлди. Унинг ўтказилиши ҳақида Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 2019 йил майдаги Ўзбекистонга ташрифи чоғида келишилган эди.
Қарийб тўрт йил давомида икки мамлакат археологлари, тарихчилари, санъатшунослари ва музей ходимлари тадбирни ташкиллаштириш устида фидокорона меҳнат қилди. Германиялик мутахассислар иштирокида 50 га яқин энг қимматли осори-атиқалар реставрация қилинди.
2024 йил 14 январь кунига қадар давом этадиган кўргазмада Берлин давлат музейлари тўпламларидан 65 та ва Ўзбекистон музейлари тўпламларидан 285 та экспонат намойишга қўйилган. Уларнинг кўпи мамлакатимиз ташқарисида илк бор кўрсатилмоқда. Кўргазма мамлакатнинг қадимий ва бой маданияти, бугунги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳудудида жойлашган илк давлатларнинг милоддан аввалги VI асрдан милодий IV асргача даврни қамраб олган тарихи ҳақида сўзлайди.
Бу ердаги дурдоналар орасида Кушон салтанатининг Далварзинтепа ва Ҳолчаён қўрғонларидан топилган аслзодалар, аскар ва бадавлат аёллар ҳайкаллари бор. Ушбу бетакрор экспозиция ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон тарихи билан танишиш, халқимиз мероси тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Тадбир Ўзбекистон ва Германия халқларининг янада яқинлашиши ва бир-бирини англашига, мамлакатлар ўртасидаги кенг мулоқот ва кўп қиррали ҳамкорликнинг ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон президентининг Германияга ташрифи муносабати билан икки мамлакат делегациялари аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари иштирокида қабул маросими бўлиб ўтди.
Шунинг билан Шавкат Мирзиёевнинг Германияга икки кунлик ташрифи якунланди. Давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.
233views0replies
0

Комментарии