Поиск
RUUZ

Общество

Тадбиркорлардан ортиқча йиғилган пулларни ўз вақтида қайтармаганлик учун қамоқ жазоси таҳдид солиши мумкин

Сенаторлар тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонунни маъқулладилар.

224views0replies
0

Сенат

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ноқонуний ўтказиш ёки олиб қўйиш, шунингдек ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳоллари мавжуд бўлиб, амалдаги қонун ҳужжатларида бундай ҳоллар учун жавобгарлик чоралари аниқ белгиланмаган.
Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун билан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказганлик ёки олиб қўйганлик ёхуд ортиқча ундирилган маблағларни ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Қонунда МЖтКга қўшимча модда киритилиб, банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини тадбиркорлик субъектларининг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пулни ўз вақтида қайтармаслик ҳолати бўйича айбдорга БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солиниши қайд этилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан тадбиркорларнинг пул маблағларини қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд уларни ўз вақтида қайтармаслик юзасидан ЖКга қўшимча модда киритилиб, унга кўра мазкур ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам содир этиладиган бўлса, содир этилган жиноятнинг тоифасига қараб БҲМнинг 200 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий чораларини кучайтиришга ва уларнинг мулкий ҳуқуқлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
224views0replies
0

Комментарии