Поиск
RUUZ

Общество

Бир киши 16 фуқаро учун ёки соат 20:00 дан кейин овоз бериш — МСК қўпол қоидабузарликлар акс этган видеоларга изоҳ берди (видео)

Мазкур видеолавҳалар ижтимоий тармоқда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Видеоларнинг бирида комиссия аъзоси 16 киши номидан ўзи овоз бергани, бошқасида овоз бериш якунланганидан сўнг ҳам овоз бериш қутисига бюллетенлар солинган конвертлар солингани акс этган.

358views0replies
0

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда 14-Тошкент шаҳар референдум округи 772-участкасида аёл киши бир нечта бюллетенларни кетма-кет белгилаб турган ҳолатдаги видеоси тарқалди. Мазкур хабар юзасидан зудлик билан Марказий сайлов комиссияси вакиллари ҳолатни жойига чиқиб ўрганишди.
Аниқланишича, маҳалла фаоли ва референдум участка комиссияси аъзоси фуқаро Т.Н. ўзбошимчалик билан бюллетенлардан 16 донасини олиб, оила аъзолари номидан референдум қонунчилигини бузган ҳолда уларга белгилар қўйган.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат жойида Комиссия раиси томонидан аниқланиб, мазкур бюллетенлар бекор қилиниши таъминланган ва умумий ҳисобдан чиқарилиб, бузиб қўйилган бюллетенларга қўшилган. Ҳолат юзасидан 14-Тошкент шаҳар референдум ўтказувчи округ комиссияси томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
МСК, шунингдек, интернетда тарқалган 14-Тошкент шаҳар референдум округи 649-участкасидаги ҳолатга ҳам муносабат билдирди.
Аниқланишича, видеода кўрсатилган ҳолатда қонун бузилиш кузатилмаган. Чунки, унда муддатидан олдин овоз бериш учун бюллетенлар солинган конвертларни яширин овоз бериш қутисига тушириш жараёни акс этган. Бу Марказий сайлов комиссиясининг 2022 йил 28 июнда 1172-сон қарори билан тасдиқланган “Референдум участкалари ҳамда референдум ўтказувчи участка комиссиялари тўғрисида”ги низомнинг 108-бандига мувофиқ амалга оширилган.
Қайд этиш жоизки, ижтимоий тармоқларда қонунбузарлик ҳолатлари бўлиши мумкин бўлган бошқа видеолар ҳам кенг муҳокама қилинмоқда, жумладан, видеоларнинг бирида референдум якунланганидан кейин соат 20:00 да ҳам фуқароларнинг овоз бериши ҳолати акс этган. МСК ҳозирча бу видеоларга изоҳ бермаган.
358views0replies
0

Комментарии