Поиск
RUUZ

Общество

Энди мулк ҳуқуқини фақат суд қарори асосида чеклаш мумкин бўлади

Конституция лойиҳасида мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркин тадбиркорлик ва бозор муносабатлари ривожланишини кафолатловчи нормалар белгилаб берилди.

106views0replies
0

UzNews.uz

2017-2021 йилларга ЯИМ 53 млрд доллардан 82 млрд долларга, саноатнинг ЯИМдаги улуши 34 фоизгача ошди. Иқтисодиёт тармоқларига солиқ юки камайтирилди, валюта бозори либераллаштирилди, жорий операциялар учун конвертация жорий этилди, божхона тўловлари қисқартирилди, банк секторини ислоҳ қилиш бошланди, тадбиркорлик фаолиятига маъмурий тўсиқлар камайди. Хорижий инвестициялар 2,4 млрд доллардан (2017 йилда) 8 млрд долларгача (2022 йилда) ошди.
Шунингдек, иқтисодиётда давлат иштироки қисқариб, хусусий мулк ҳимояси кучайтирилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ва хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини сезиларли даражада оширди. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов маълум қилди.
Ислоҳотларнинг устувор жиҳатлари
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 1,6 бараварга ошириш мақсади қўйилган.
Иқтисодий барқарорликни таъминлаш мақсадида 2024 йилга бориб инфляция даражасини 5 фоизга тушириш, бюджет тақчиллигини 3 фоиздан оширмаслик чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқариш ўсишини 40 фоизга ошириш, 120 млрд доллардан ортиқ инвестицияларни жалб этиш каби мақсадлар белгиланган.
2023 йилдан қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизга, банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик субъектларидан олинадиган даромад солиғи эса 15 фоизгача пасайтирилди.
2026 йил охирига келиб хусусий банкларнинг улуши банклар жами активларининг 60 фоизини ташкил этади.
Яратилаётган имкониятлар туфайли кейинги олти йилда тадбиркорлик субъектлари сони 6 баравар кўпайиб, бугунги кунда 2 млн.га етди. Даромадлари 1 млн доллардан ошган тадбиркорлар сони 26 минг нафарга, 220 нафар тадбиркорнинг даромади эса 100 млн долларга етди.
Янги Конституцияда иқтисодий тараққиётни таъминлаш кафолатлари
Янгиланаётган Конституцияда тадбиркорлик фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш, бозор муносабатларини ривожлантириш, адолатли рақобат учун шарт-шароит яратиш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, адолатли солиққа тортиш тизимини йўлга қўйиш, монополия фаолиятини чеклаш орқали эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Қонун лойиҳасида бозор муносабатлари ривожи, хусусий мулк, тадбиркорликни ҳимоя қилиш, бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналишини таъминловчи конституциявий механизмлар сезиларли даражада мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, давлат мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилинишини кафолатлайдиган, мулкий ҳуқуқларни чеклаш эса фақат суд қарори асосида амалга оширилишига доир қоидалар мустаҳкамланмоқда (65-модда). Ўзбекистон ҳудудида ягона иқтисодий макон, товарлар, хизматлар, меҳнат ва молиявий ресурсларнинг эркин ҳаракатланиши таъминланмоқда (67-модда).
Таъкидлаш жоизки, мазкур талаб Бутун жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон мазкур халқаро ташкилотга аъзо бўлиш борасида шахдам қадамлар қўймоқда. Бу эса ушбу йўналишда тизимли равишда ислоҳотларнинг давом эттирилишидан далолат беради.
Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларимизга ижобий натижаларга эришиш имконини беради. Жумладан: товарлар ва хизматларнинг мамлакатнинг қайси ҳудудида ишлаб чиқарилишидан қатъий назар ҳеч қандай тўсиқлар жорий этилмаслигини таъминлаш; пул ва капитал бозорларини янада эркинлаштириш ҳисобига молия бозори ривожланишига туртки бериш; валюта бозорини либераллаштириш, киритилган инвестициялар бўйича фойда репатриациясини таъминлаш ва бошқалар.
106views0replies
0

Комментарии