Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик" илмий-тадқиқот институти Андижон илмий-тажриба станциясининг экин майдони 84,5 гектар бўлиб, ушбу майдонда 17 турдаги экинлар экилиб, уруғлари кўпайтириб келинмоқда. Бу ердаги олимлар томонидан пиёзнинг "Малла" нави яратилди. Ҳозирда ушбу нав учун патент олишга ҳужжатлар топширилган. Ушбу нав интенсив усулда етиштирилаётгани билан ажралиб туради.
Янги пиёз навининг уруғи ерга мартнинг дастлабки ўн кунлигида сепилади. 15 сотих ер майдонига 10-12 килограмм пиёз уруғи сепилади, шу майдондан териб олинган пиёзбошчалар бир гектар майдонга етади. Пиёзбошчалар гилос катталигида бўлгандан сўнг йиғиб олинади. Пиёзбошчалар қуритилиб, алоҳида жойга олиб қўйилади. Сентябрь ойининг биринчи декадасида пиёзбошчалар 70×10 схемада 4 қатордан гектарига 571,4 минг дона экилади.
Пиёзбошчалар экилганидан сўнг унга бир маротаба сув қўйилади. Шундан сўнг пиёзбошчалар кўкара бошлайди.
Қишнинг совуқ кунларида етиштирилгани учун пиёзларни ўташ шарт эмас, сабаби, ушбу мавсумда ўтлар ўз-ўзидан нобуд бўлади.
Экилган пиёзларга эрта баҳорда бир маротаба ишлов берилади. Шунингдек, бир маротабадан культивация ва чопиқ, енгил озиқлантириш ишлари амалга оширилади. Уни яна икки маротаба суғорилади.
Баҳорда, яъни 15 апрелда пиёз техник пишиб етилади ва аҳоли истеъмоли учун маҳаллий бозорларга чиқарилади. Янги пиёз навининг афзаллиги шундаки, у одатий пиёзларга қараганда бир ой олдин пишиб етилади.