Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда солиқ тизими янада такомиллаштирилмоқда

Давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини албатта инобатга олади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади.

588views0replies
0

UzNews.uz

Амалдаги Конституциянинг 51-моддаси шу пайтга қадар фақат бир томонлама, яъни фуқаролар солиқ тўлаш мажбуриятининг олий ҳуқуқий асоси бўлиб келди. Масаланинг иккинчи томони, яъни ундириладиган солиқлар ва йиғимлар адолатлилигининг ҳуқуқий таъминоти эса очиқ қолган эди. Зеро, адолат принципи ҳар қандай солиқ тизимига қўйиладиган асосий фундаментал талабдир.
Янги Конституциянинг 63-моддасини “Солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги керак” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилиши эндиликда жуда ўринлидир. Иқтисодиёт фанлари доктори Исламбек Ниязметов адолатли солиқ ва йиғимларнинг моҳиятини тушунтирди.
Умумий ҳолда солиққа тортишнинг адолатлилиги деганда, ҳар қандай йўл ёки усул билан бўлмасин фақат давлат бюджетини тўлдиришга қаратилган эмас, балки ижтимоий адолат принципларига асосланган ҳолда тузилган солиқ тизимини тушуниш лозим. Унга кўра солиқлар шундай шакллантирилиши керакки, солиқ юки жамият аъзоларининг топган даромади, жамғарган мол-мулки, фойдаланаётган ресурси, истеъмоли ва бошқа мезонларига яраша адолатли тақсимланиши керак.
Давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини албатта инобатга олади. Ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади. Солиқ сиёсати эса йилдан йилга соддалаштирилади, одамлар учун манфаатли бўлиши таъминланади.
Солиққа тортишдаги адолат “юкка мутаносиб манфаат” тамойили билан ҳам асосланади. Унга кўра, аҳоли тўлаган солиқларига яраша манфаат кўриши ёки, аксинча, давлат ундираётган солиқларига монанд хизмат кўрсатиши адолатдан ҳисобланади. Адолатли солиқ тизими солиққа тортишнинг умумийлиги, давлатнинг бетарафлиги, бир хил шароит ва имкониятдаги солиқ тўловчига бир хил солиқ солинишини ҳам назарда тутади. Бунда индивидуал хусусиятга эга бўлган ва асоссиз солиқ имтиёзлари берилишига йўл қўйиб бўлмайди. Қайсидир солиқдан имтиёз бериладиган бўлса, у албатта ижтимоий ёки иқтисодий адолат мезонларига жавоб бериши шарт.
Айнан шунинг учун ҳам сўнгги йилларда, хусусан, 2018 йилда Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг қабул қилиниши билан Ўзбекистонда адолатли солиқ тизимини яратиш борасида катта қадамлар ташланди ва уларнинг натижаси ўлароқ солиқ қонунчилигида кескин ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ижтимоий адолат мезонларига асосланмаган имтиёзлар ва тадбиркорликда солиқ юкининг номутаносиб тақсимотига сабаб бўлиб келган имтиёзли солиқ режимлари 2019-2020 йилларда олиб ташланди, шунингдек, меҳнат ва тадбиркорликка солиқ юки сезиларли камайтирилди.
2022-2023 йилларда, аксинча, том маънода ижтимоий характер касб этган солиқ имтиёзлари таркиби кенгайтирилди. Жумладан, таълим олиш ва ёш оилаларнинг ипотека кредитларини сўндириш харажатларини солиқ базасидан чегириш ҳуқуқи берилди, камбағал фуқароларга бериладиган ёрдам пуллари солиқдан озод қилинди, ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиёз миқдори оширилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 63-моддасига киритилаётган ўзгариш эса ана шундай ижобий ислоҳотлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун ҳуқуқий асос бўлади. У орқали солиқлар ва йиғимларнинг аҳолига ортиқча юк бўлмаслигига эришилади.
588views0replies
0

Комментарии