Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда энди фуқаролар ерни хусусий мулк сифатида эътироф этишлари мумкин

Ер хусусий мулкка айланмоқда. Тадбиркор ўз ерини гаровга қўйиши, товар сифатида бизнесида акс эттириши мумкин.

669views0replies
0

Google Earth

Янгиланаётган Конституциянинг 68-моддасида "Ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкин" деган янги норма қўшилмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмухамедов мазкур модда моҳиятини тушунтириб берди.
Шу боис, ушбу норма янгиланаётган Конституциядаги ҳақиқий инқилобий ўзгаришлардан бири сифатида мулкчилик муносабатлари ривожига хизмат қилади.
Узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистонда ерга нисбатан хусусий мулкчиликнинг тўлақонли жорий этилмагани ҳақиқий мулкдорлар қатламининг етарлича шаклланмаслигига, ернинг ҳақиқий товар сифатида бозор муомаласига киритилмаслигига ҳамда хорижий инвесторларнинг миллий иқтисодиётга нисбатан ишончи пасайишига олиб келди.
Яъни, бошқачароқ айтганда, бозорда аслида ер қиммат-у, аммо расман унинг ҳеч бир қиймати йўқ. Тадбиркор ўз ерини на гаровга қўя олади, на уни товар сифатида бизнесида акс эттиролади. Бундай тизим халқ тилида айтганда "қора бозор"нинг кучайишига, ноқонуний ер олди-сотдисининг урчиб кетишига сабаб бўлди.
Ерни хусусий мулк сифатида эътироф этилиши бевосита мулкдорга қандай манфаат беради?
Хусусийлаштирилган ер участкаси мулкдори ерни сотиш, ҳадя қилиш, айирбошлаш, гаровга қўйиш, мерос қилиб қолдириш каби ҳуқуқларни қўлга киритади.
Хусусий мулк бўлган ерни давлат фақат мулкдорни розилиги билан, шартнома асосида, бозор нархида жамоат эҳтиёжлари учун қайта сотиб олиши мумкин. Яъни, ер "снос"га тушиб кетмайди, давлат ерни келишилган нархда сотиб олсагина, ер бегоналаштирилиши мумкин.
Ерга нисбатан хусусий мулк тадбиркорларнинг кредит лаёқатлилик даражасини ортишига ҳам хизмат қилади ҳамда мол-мулкни оқилона бошқариш орқали даромадларни кўпайтириш имконини беради.
Ернинг хусусий мулк сифатида эътироф этилиши мулкдорлар қатламини кенгайишига, ер бозорининг ривожланишига, ер участкаларидан фойдаланиш бўйича иқтисодий самарадорликни ошишига хизмат қилади.
Ердан фойдаланиш соҳасида бозор механизмларини жорий этиш, ушбу соҳадаги мулкий ва ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида бу норма жуда муҳим.
Ушбу норманинг Конституцияга киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ерга бўлган мулк ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлашга имкон яратади. Бу, ўз навбатида, мулкдорларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва кафолатлашга хизмат қилади, шунингдек, уларнинг ерга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятини мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга қонунда назарда тутилган ҳолатларда ерни хусусий мулк қилиб бериш механизмлари амалиётга жорий этилади.
669views0replies
0

Комментарии