Поиск
RUUZ

Общество

Шахснинг қариндошлари “судланганлиги” важи асосида ишга қабул қилмаслик бекор қилинмоқда

Жиноят содир этган шахс якка тартибда жавобгар бўлиши ва жазодан келиб чиқадиган оқибатлар унинг қариндошларига нисбатан қўлланилмаслиги тўғрисида Конституциянинг 28-моддасига янги норма киритилмоқда.

275views0replies
0

Олий суд

Киритилаётган янги норма бўйича Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Камалова Дилдора бу ҳақида тушунтириш берди.
Жамиятда иттифоқ давридан қолган нотўғри стереотиплар асосида “судланганлик” тамғаси сақланиб қолиб, нафақат шахснинг ўзи, балки яқинларининг ҳам ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб келмоқда. Шахснинг ёки унинг қариндошларининг “судланганлиги” важи асосида ишга қабул қилиш, мансаб поғоналаридан кўтарилиши, бирор лавозимга тайинлаш каби ҳуқуқларини амалга оширишда жиддий тўсқинлик қилиб келмоқда.
Айнан шунинг учун юқоридаги ҳолатларга тўлиқ барҳам бериш мақсадида Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси 28-моддасига шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги алоҳида норма киритилмоқда.
Гарчи мазкур масала жиноят қонунчилиги билан тартибга солинган бўлсада, жамиятда шаклланган нотўғри қарашлар асосида “судланганлик” бир умрлик тамға бўлиб қолмоқда.
Энг ачинарли жиҳати, мазкур салбий иллат қариндош-уруғчилик муносабатларини боғлашда, оилаларнинг пароканда бўлиб кетишига таъсир кўрсатган. Масалан, баъзи оналар фарзандининг келажагига таъсир қилмаслиги учун турмуш ўртоғи (судланганлиги сабабли) билан ўртасидаги ниқоҳни бекор қилиш ва уни оталик ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўраб, судга мурожаат қилар эди. Зеро турмуш ўртоғининг судланганлиги фарзандларига босилган тамғадек эди. Қанчадан-қанча билимли ҳамда жамият ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган ёшлар шу сабабли ўзи хоҳлаган касбни эгаллай олмаганлар.
Шахс қариндошларининг судланганлиги туфайли камситилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги қоиданинг Конституция даражасида мустаҳкамланиши фуқароларга нисбатан бундай эскирган тақиқларга барҳам беради, шахсларни ҳар қандай шаклда камситиш учун асос бўлмаслигини таъминлайди ҳамда ҳар бир шахснинг қонун ва жамият олдида тенглиги тамойилини реал таъминлаш кафолати бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, фақатгина жиноят содир этган шахс якка тартибда жавобгар бўлиши, жазо ва бу жазодан келиб чиқадиган оқибатлар унинг қариндошларига нисбатан қўлланилмаслигини ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади ва пировардида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлайди.
275views0replies
0

Комментарии