Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда энди ҳар ким ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланади

Давлат ҳар бир фуқаросининг кимлигидан қатъий назар, ишсизликдан қонуний ҳимояси таъминланишини кафолатлайди.

606views0replies
0

UzNews.uz

PhD Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Ахмедова Муҳаббат Абдулхашимовна Ўзбекистонда ишсизликдан ҳимояланиш бўйича алоҳида қонун белгиланиши моҳиятини тушунтирди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда дунёда ишсизлар сони 207 млн кишини ташкил этмоқда. Ишсизлик асосан аҳолининг заиф қатламларини қамраб олади, яъни, иш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар, олий маълумоти йўқлар ва аёллар кўпроқ ишсизликка дуч келувчи аҳоли қатлами ҳисобланади. Мисол учун, дунёда эркаклар орасидаги ишсизлик даражаси 15,4 фоизни ташкил этса, аёллар орасидаги ушбу кўрсаткич 32,1 фоизни ташкил этади. Нормал иқтисодиётда ишсизлик вақтинчалик, лекин доимий бўлмаслиги керак. Иқтисодий сиёсат ва дастурларнинг асосий мақсади ишсизликни камайтириш ва аҳолининг тўлиқ бандлигини таъминлашдан иборат.
Бу жамият турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтириш, иқтисодий ўсиш суръатларини яхшилаш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш имконини беради. Доимий ва юқори кўрсаткичлардаги ишсизлик нафақат ижтимоий кескинликни олиб келади, балки аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон меҳнат ресурсларига бой мамлакатлардан бири ҳисобланади. Аҳоли сони сўнгги 5 йилда юқори кўрсаткичлар билан ўсмоқда ва албатта ишсизлик муаммолари кузатилиши табиий. Бугунги кунда республикадаги ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил этмоқда, бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш ва турли сабабларга кўра ишсиз бўлган фуқароларни ҳар томонлама ҳимоялашни тақозо этмоқда.
Ушбу мақсадларда янгиланаётган Конституциянинг 42-моддасида ҳар ким ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга, деган меъёр қўшилмоқда. Бу норманинг Конституция ҳужжатида мустаҳкамлаб қўйилиши ҳар бир фуқаронинг моддий ва ижтимоий ҳолати, жинси, ёши ҳамда бошқа омилларидан қатъий назар, ишсизликдан қонуний ҳимояси таъминланишини кафолатлайди. Қолаверса, ишсизликдан ҳимояланишнинг Конституцияда белгиланиши ишсизликка қарши курашиш ва аҳолининг тўлиқ бандлигини таъминлашга қаратилган тегишли иқтисодий ва ижтимоий сиёсат ҳамда дастурларни яратишга хизмат қилади.
606views0replies
0

Комментарии