Поиск
RUUZ

Общество

Давлат таълимнинг ҳар қандай турлари ва шаклларини яхшилаши тўғрисида ҳуқуқий асос яратилмоқда

Конституциянинг янги таҳрирдаги лойиҳасига кўра, давлат нафақат барчанинг билим олиш ҳуқуқини таъминлаш, балки узлуксиз таълим (катталар таълими) учун шарт-шароитларни яратилишини кафолатлайди.

328views0replies
0

UzNews.uz

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош илмий ходими, иқтисод фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Вахабова Дилфуза Хаитваевна янги Конституцияга киритилаётган давлат таълим тизимининг ривожланишини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги моддани аҳамиятини тушунтирди.
Дунёда инсон капиталининг аҳамияти табиий ресурслардан кўра ошиб бормоқда. Ривожланган мамлакатлар миллий бойлигининг 70 фоизгача қисмини инсон капитали ташкил этади. Инсон капиталининг шаклланишида энг аввало мактабгача ва ўрта таълимнинг ўрни катта бўлиб, Ўзбекистонда таълимнинг мазкур босқичларидаги сифатда ҳудудлар ва таълим муассасалари орасида тафовутлар ҳанузгача сақланиб қолган. Бу эса ушбу босқичларда таълим тизимини давлат томонидан назорат қилинишини конституция даражасида белгилашнинг заруратини келтириб чиқаради. Янги Конституция лойиҳасининг 50-моддасида мактабгача таълимдан тортиб то катталар таълимигача бўлган ҳар бир таълим турига, жумладан, инклюзив таълимга алоҳида эътибор қаратилиши давлат сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлигини яна бир бор таъкидлайди.
2016 йилгача Ўзбекистонда 3-6 ёшли болаларнинг 24 фоизигина мактабгача таълим билан қамраб олинган, ота-оналар орасида мактабгача таълимнинг аҳамиятига бефарқ қарашлар шаклланган эди. Айниқса давлат томонидан қуриладиган катта ҳажмдаги мактабгача таълим ташкилотларини қуриш самарасиз бўлган чекка ҳудудлардаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиниш имкониятлари чекланган эди.
2017-2022 йилларда таълим тизимига хусусий секторни жалб қилишни фаол рағбатлантириш ҳамда чекка ҳудудларда мобил ва оилавий боғчаларнинг ташкил этилиши каби чораларнинг кўрилиши натижасида болаларни мактабгача таълим билан қамрови 2017 йилдаги 25,4 фоиздан 2023 йилда 72 фоизга ошди.
Олий таълимда кадрлар тайёрлашга давлат буюртмасини ошириш билан бирга, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар, олис чўл ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшлар учун алоҳида квоталарнинг ажратилиши, ёшларни олий таълим билан қамрови 2017 йилдаги 9 фоиздан 38 фоизга етишига имконият яратди.
Ҳар бир инсоннинг билим олиш ҳуқуқи дастлаб 1948-йил 10-декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз ифодасини топган. Декларациянинг 26-моддасида "ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга" ва бу ҳуқуқ "давлат ва миллатлар орасидаги чегараларга бефарқликни таъминлаши, таълим эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурматни кучайтириши, шунингдек, халқаро, ижтимоий-иқтисодий ва маданий юксалиш фаолияти таълимнинг ижобий хусусиятларини ошириши керак" деб белгилаб қўйилган.
Хорижий давлатларнинг конституция ва қонунларида ҳам таълим олиш ҳуқуқи мустаҳкамланган. Масалан, Франция Конституцияси барча фуқароларнинг таълим олиш ҳуқуқини бирдек кафолатлайди, Бразилияда эса бу тамойил 1988 йилги Конституцияда ҳимояланган бўлиб, унга кўра 4 ёшдан 17 ёшгача бўлган барча болалар учун таълим мажбурийдир.
Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирдаги лойиҳасида давлат нафақат барчанинг билим олиш ҳуқуқини таъминлаш, балки узлуксиз таълим (катталар таълими)ни, таълим ва тарбияни ривожлантириш, бепул ўрта ва бошланғич касб-ҳунар таълимини ҳамда алоҳида шароитларга муҳтож болаларнинг инклюзив таълими учун шарт-шароитларни яратишни кафолатлайди. Шунингдек, умумий ўрта таълимнинг мажбурий эканлиги ҳамда мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат томонидан назорат қилиниши белгилаб қўйилган.
328views0replies
0

Комментарии