Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Хонобод шаҳар ҳокимлигида ишловчи ходим пичоқлаб кетилгани ва операция қилингани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 15 апрель куни Андижон вилояти Хонобод шаҳрида содир бўлган. Ҳолат юзасидан ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, жиноят иши юзасидан 1 нафар шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг UzNews.uz сўровига асосан берган маълумотга кўра, жабрланувчи республика даражасидаги қўмиталарнинг бирида фаолият олиб боради. Тергов ва шахсга ташқи таъсир бўлмаслиги мақсадида аниқ иш жойи очиқланмайди.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан Хонобод шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.