Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида ёш бола йўл ёқасидаги қувурга тушиб кетгани ва яқин бинодаги ишчилар унга ёрдам бериб қутқариб қолишгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги мутасаддилари ўрганиш олиб борди ва қуйидагиларни маълум қилди.
![](https://api.uznews.uz/storage/uploads/posts/temporary/d1NzuiYlVy8vjjL3qFBO.jpg)
"Ушбу ҳудудда ичимлик суви таъминотидаги қувурлардан бирида авария ҳолати (Сув сизиб чиқиши) аниқланган ва туман Сув тармоқлари бўлими томонидан авария ҳолатини бартараф этиш ишлари жараёнида Паркент кўчасида қазиш ишлари олиб борилган. Қазиш ишлари йўлнинг автомобиллар учун қатнов қисмида бўлганлиги сабабли огоҳлантириш белгилари жойлаштирилган, пиёдалар йўлагида ҳаракатланиш мумкин бўлган. Йўловчиларнинг беэътиборлиги натижасида 6 ёшлардаги бола онасидан олдинроқ бориб чуқурликка тушиб кетган ва ушбу ҳудуддаги фуқаролар томонидан чиқариб олинган. Бола соғлом, хавотирга ўрин йўқ", — дейилади хабарда.
Авария ҳолатини бартараф этишда йўл қўйилган камчиликлар ва ноқулайликлар учун туман Сув тармоқлари бўлими вакиллари узр сўрайди. Қолаверса, ҳудуддаги бетартибликни бартараф этиш ҳамда жараёнларда йўловчилар ва автомобиллар учун огоҳлантириш белгилари, хавфсиз ҳаракатланиш чоралари кўрилгани маълум қилинди.