Поиск
RUUZ

Реклама

Тошкентда иккинчи Инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади

27 апрель куни Тошкент шаҳридаги Panarams меҳмонхонасида гибрид форматдаги иккинчи Инклюзив бизнес-форум бўлиб ўтади. Тадбирда иштирок этиш учун ногиронлиги бўлган шахсларнинг инклюзив меҳнат масалаларига бефарқ бўлмаган маҳаллий бизнес ва ижтимоий соҳа ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилади.

216views0replies
0

Форум Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ижтимоий буюртмаси асосида Тошкент шаҳар «ШАРОИТ ПЛЮС» ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан www.ishplus.uz махсус рекрутинг веб-портали орқали ногиронлиги бўлган шахсларни очиқ меҳнат бозорида муносиб иш билан таъминлаш» лойиҳаси доирасида ўтказилади.
«Мен Ўзбекистон Миллий университетида «Ижтимоий иш» йўналишининг иккинчи курс талабасиман. Ёшим 20 да. Шу пайтгача кўплаб ижтимоий лойиҳаларда иштирок этганман ва www.ishplus.uz веб-портали орқали ҳозирги иш лавозимимга эга бўлганман. Айни дамда мен IMKON WATER компаниясида оператор лавозимида фаолият олиб бормоқдаман», – дейди ногиронлиги бўлган иш изловчи Мадина Пўлатова.
Форум 4 та йирик мавзудаги сессия муҳокамаларини ўз ичига олади:
- ногиронлиги бўлган шахсларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасига ҳамда халқаро ташкилотларга ишга киритиш: амалий тажриба ва муваффақиятли ҳикоялар;
- Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш: субсидия ва имтиёзла;
- ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришда иш берувчилар олдида қандай мажбуриятлар бор;
- мамлакатимизда инклюзив бизнес амалиётларини ривожлантириш учун қандай имкониятлар ва тўсиқлар мавжуд.
«Барча ходимларнинг эҳтиёжларини инобатга оладиган ва уларнинг ижтимоий келиб чиқиши ва жисмоний ҳолатидан қатъи назар уларга ҳам барча қатори ўз салоҳиятларини тўлиқ амалга оширишга имкон берадиган инклюзив иш жойларини яратиш бизнеслар учун рақобатбардош бўлишга ва муваффақиятга эришишга ёрдам беради», – дейди форум амбассадори CARE CSR консалтинг компанияси асосчиси ва директори Малика Шарипова.
Форумда ўз нутқи билан Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакиллари, Тошкент шаҳар «ШАРОИТ ПЛЮС» ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова, Британия Кенгаши, ЮНИСEФ, Жаҳон банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, шунингдек, йирик, ўрта ва кичик маҳаллий компанияларнинг раҳбарлари ва кадрлар бўлими мутахассислари иштирок этади.
Иштирок этиш бепул – офлайн иштирок учун жойлар сони чекланган бўлиб, олдиндан рўйхатдан ўтиш тавсия этилади. Онлайн тарзда Zoom иловаси орқали ҳам иштирок этишингиз мумкин. Жонли эфирни ташкилотнинг YouTube-каналида ёки forum.ishplus.uz сайтида ҳам томоша қилиш имконияти бўлади.
Ўтказилиш санаси: 27 апрель, 2023 йил.
Тадбир бошланиш вақти: 10:00 (Рўйхатга олиш 9:30 да бошланади).
Манзил: Panarams меҳмонхонаси.
Қўшимча маълумотларни [email protected] электрон манзилига ёзиш ёки +998 (90) 818-07-08 телефон рақами орқали олиш мумкин.
Боғланиш учун масъул шахс – Дурдона Шавкатова: +998 (94) 607-66-20, Telegram орқали: @Durdona_shavkatova00.
Ҳамкорликдаги материал
216views0replies
0

Комментарии