Поиск
RUUZ

Общество

Ўзбекистонда ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқлари халқаро нормаларга мосланмоқда

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, шунингдек, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда.

248views0replies
0

АОКА

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 33-моддасида ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, шунингдек, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Ушбу моддада биринчи марта “Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади” деган қоида белгиланмоқда. журналист Анвар Эминов мазкур моддани шарҳлаб берди.
Унинг ёзишича, ахборот жамияти давлатларнинг халқаро майдонда муносиб ўринга эга бўлиши, жаҳон иқтисодиётида рақобатбардошлиги замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан қанчалик самарали фойдаланишга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалага етарли эътибор бермаслик мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятига, аҳолининг турмуш фаровонлигига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасида кузатилаётган тафовутлар шунга мисол бўла олади.
Шу сабабли БМТнинг бир қатор ҳужжатларида, масалан, Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2011 йил 16 майдаги доклади, 2016 йил 5 июлдаги резолюцияларида интернетдан фойдаланиш имконияти асосий инсон ҳуқуқларидан бири экани таъкидланган. 2022 йил апрелида АҚШ, Европа иттифоқига аъзо давлатлар ва бошқа 32 мамлакатлар томонидан қабул қилинган “Интернет келажаги декларацияси”да замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, интернетнинг “очиқ, ишончли ва хавфсиз”лигини таъминлаш масалаларга катта эътибор қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатда аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобатли муҳит шаклланган. Бироқ, мобил алоқа ва интернет операторлари учун шаҳарлар, вилоятлар марказлари, йирик аҳоли пунктларида ўз хизматларини кенгайтириш тижорат нуқтаи назаридан фойдалироқ бўлиб, аҳолиси кам ва чекка ҳудудларга кириб бориш кўпроқ сарф-харажатларни талаб қилади. Натижада, турли шароитларда яшовчи аҳоли ўртасида сезиларли тафовут юзага келиши мумкин. Бу эса таълим, давлат хизматлари кўрсатиш, бизнес ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ахборотлашаётган шароитда аҳолининг мулкий жиҳатдан табақаланишига бир сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Шу сабабли ҳам интернет тармоғидан фойдаланиш учун жамиятнинг барча аъзоларига тенг шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давлат ахборот сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатда замонавий ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини кучайтириш йўналишида улкан ишлар амалга оширилди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассисларининг таҳлилларига кўра, 2017-2022 йилларда Ўзбекистоннинг рақамли инфратузилмасида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилган: 2022 йилда аҳолининг 75 фоизи интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлган, 2017 йилда бу кўрсаткич 34,5 фоизни ташкил этган; оптик толали алоқа линияларининг умумий узунлиги 7 баробар ошиб, 24,5 минг км дан 170 минг км гача етган; мобил таянч станциялар сони қарийб 3 баробар кўпайиб, 54 мингтага етган; интернет тезлиги 28 баробар ошган, провайдерлар учун интернет тарифлари нархи 30 баробарга, яъни 90 доллардан 3 долларгача арзонлашган.
Киритилаётган янги қоидаларнинг яна бир муҳим жиҳати — ҳар кимнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда мазкур ҳуқуқларни чекланиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бундай чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади.
Бу нормалар “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги Халқаро пактнинг 3-бандида белгиланган қоидаларга айнан мос. Назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида мажбуриятлар ва алоҳида масъулият юклайди. Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ бўлиши мумкин, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим:
а) бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш учун;
б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини муҳофаза этиш учун.
248views0replies
0

Комментарии