Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросимда фавқулодда ва мухтор элчилар - Фаластиндан Жавад Аввад, Япониядан Хатори Такаши, Қатардан Ҳасан Ҳамза Ҳошим, Словакиядан Виктор Борецки ва Покистондан Аҳмад Фарукнинг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Президент ўз нутқида очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни амалга ошираётган Янги Ўзбекистон халқаро майдонда янги марраларга эришаётгани, дўстлар ва ишончли ҳамкорлар сафини кенгайтираётганини таъкидлади. Яқинда мамлакатнинг Швеция ва Венгрияда элчихоналари очилди. Тошкентда Қатарнинг дипломатик миссияси ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон етакчиси зиддиятлар ва можаролар кескинлашиб бораётган мураккаб халқаро вазият шароитида барча мамлакатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсатни амалга оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, президент халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институтлар билан шерикликни мустаҳкамламоқда, Туркий давлатлар ташкилотида самарали раисликни амалга оширмоқда ва жорий йилда илк бор Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитини қабул қилмоқда. Ўндан зиёд йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
"Халқаро ҳамжамият учун янада очиқ ва самимий ҳамкор бўлишга астойдил интиламиз. Бунинг учун бизда сиёсий ирода, қатъият, энг муҳими, имконият ва етарли салоҳият бор", - деди президент.
Фаластин – Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги анъанавий ҳамкорларидан бири. Халқларни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак диний ва маданий қадриятлар ўзаро боғлаб туради.
Ўзбекистон Словакияни Европа Иттифоқида салмоқли иқтисодий салоҳиятга эга истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қабул қилади.
Сўзининг якунида Ўзбекистон президенти янги тайинланган хорижий дипломатик миссиялар раҳбарларига масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.














