Поиск
RUUZ

Общество

"Шахсга зўравонлик — оғир жиноят эканлиги одамларнинг онгига чуқур ўрнашсагина натижа кутилганидек бўлади"— Танзила Нарбаева

Янги қонунга кўра, айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни жавобгарликдан озод қилмаслиги белгиланмоқда.

164views0replies
0

senat.uz

Аввал хабар берганимиздек, Сенат аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонунни маъқуллади.
Қонун билан "оилавий (маиший) зўравонлик" яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўравонлик учун тегишли маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмайди ва бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.
Хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезони бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни ЖК моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.
"Қонунларнинг қатъийлашаётгани, жавобгарликнинг кучайтирилаётгани яхши, лекин бу жамиятимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун зарур бўлган охирги восита эмас.
Бу нормалар одамларнинг тафаккури ва хотираси билан бирга юрагидан ҳам жой олиши керак.
Бутун жамият фаол бўлиши керак. Дунёқараш ўзгариши зарур. Катта-кичик, аёл-эркак бўлсин – инсонга, шахсга нисбатан зўравонлик қилиш, уни таҳқирлаш, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш асло тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат, оғир жиноят эканлиги одамларнинг онгига чуқур ўрнашсагина натижа кутилганидек бўлади", — деди Танзила Нарбаева.
Қолаверса, Нарбаева юқоридаги ҳолатлар биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки таълим-тарбияга масъул тузилмаларнинггина иши эмас, балки барчамизнинг вазифамизга айланиши зарурлигини таъкидлади.
164views0replies
0

Комментарии