Поиск
RUUZ

Общество

Open Budget машмашаси ёхуд бу тизим Ўзбекистонга қанчалик керак?

UzNews.uz мухбири пойтахт кўчаларида овоз тўплаш билан сарсон бўлаётган фуқароларни суҳбатга тортди.

261views0replies
0

Сўнгги кунларда "Овоз беринг, Кола ичинг", "Овоз беринг, 10 минг олинг" каби чақириқлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Кўча-кўйларда тонгдан то кун ботгунга қадар овоз йиғаётган ёшларни, ҳаттоки ёши 40-50га яқинлашиб қолган инсонларни ҳам учратган бўлишингиз аниқ.
Ҳозирда аҳоли орасида оммалашишга улгурган ва ўзаро рақобатни йўлга қўйган мазкур лойиҳа ҳақида бироз тўхталсак.
Молия вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу "Ташаббусли бюджет" лойиҳасида ҳозирда жами 33 минг 600 лойиҳа учун 10 миллиондан ортиқ овоз берилган. Ташаббусли бюджетда фуқаролар инфратузилма, йўл, мактаб ва бошқа объектларни яхшилаш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг бир қисмини тақсимлашда иштирок этади.
2023 йилги туман ва шаҳар бюджетларида ташаббусли бюджет учун жами 2 трлн сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Ташаббусли бюджет тўғри, қайсидир маънода маҳалла аҳолисини бир мақсад йўлида бирдамликка чақиргани ва ҳаракатга ундагани рост, лекин чекка вилоятдагиларнинг пойтахтда сарсон бўлиб, овоз тўплашлари қанчалик тўғри?
Ҳаттоки овоз йиғиш жараёнлари мажбурий тарзда йўлга қўйилаётганлигини ижтимоий тармоқларда гувоҳи бўляпмиз.
Хусусан, яқинда Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактаблардан бирида Open Budget'да овоз йиғиш учун ўқувчилардан пул йиғдирган мактаб директори лавозимидан озод қилинди.
Бу каби ҳолатлар эса кенг жамоатчиликда турли норозиликларни келтириб чиқармоқда.
Жумладан, Расул Кушербаев ўзининг телеграм каналида "Ташаббусли бюджет - шармандали бюджетга айланмоқдами?" сарлавҳаси остида пост қолдирган.
"Афсус овоз беролмаганим учун Cola'дан қуруқ қолдим. Чунки бир кун олдин Янгийўлдаги маҳалламга Оққўрғондан келиб, мактабларини жиҳозлаш учун овоз йиғиб, сарсон юрган ўқитувчиларга овоз бериб қўйгандим. Ўқитувчиларни бунақа хор юришига чидаш қийин,- дея ёзган Кушербаев.
Лекин ҳуқуқшунос Ҳушнудбее Худойбердиев эса ташаббусли бюджет муваффақиятсизлиги учун эмас, муваффақияти учун танқидга учраяпти, халқнинг онгини оширишда жуда катта фойда бераяпти, - деган фикрда.
У овоз бериш жараёнидаги муаммо ва камчиликлар эса, йил сайин такомиллашиб бораверади, бундан катта фожиа ясаш шартмас, дея таъкидлаган.
Юрист Саидали Мухторалиев эса овоз йиғишдаги мажбурлов ҳолати фақат ўқитувчи ва ҳамширалар билан эмас, ҳоким ёрдамчилари ва қолган соҳа вакиллари билан ҳам учраётганлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси мажбурлов ҳолати юзасидан ўрганиш бошлади.
261views0replies
0

Комментарии