Поиск
RUUZ

Общество

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон фаровонлигини оширишга қаратилган янги ташаббусларни эълон қилди

Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш, унинг доирасида ҳар бир маҳаллага 500 миллион сўмдан маблағ ажратиш, уй-жойлар, болалар боғчалари қуриш ва янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.

121views0replies
0

president.uz

Кегейли туманида давлат раҳбари иштирокида Қорақалпоғистонни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида 6 та янги корхона – Беруний туманидаги «Беруний буғдой кластер» ва «Райхон кийим-кечак», Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент», Қўнғирот туманидаги «ККРаси кемикал» корхонаси, Нукус шаҳридаги «Азимут ҳотел» ва Тўрткўл туманидаги «Хозагро» корхоналари ишга туширилди.
Бу корхоналарда жами 1,1 минг доимий иш ўрни яратилади, уларнинг фаолияти натижасида ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришга 300 миллиард сўм, экспортга 20 миллион доллар қўшилади.
Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги корхоналарни ишга туширди.
"Биз бир халқмиз ва бир давлатмиз! Барча вилоятлар Қорақалпоғистон тараққиётига ҳисса қўшишга интилмоқда. Ҳар бир туманга вазирлар, вилоятлар ҳокимлари, бошқарма ва банк раҳбарлари бириктирилган. Бунинг самарасини барча ҳудудларда кўриш мумкин ва бу иш тўхтамайди", — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари Қорақалпоғистон халқи фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган учта янги ташаббусни эълон қилди.
Биринчидан, Қорақалпоғистондаги 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Бунинг учун Қорақалпоғистон маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида жамғарма ташкил этилиб, унга жорий йилда 250 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
Иккинчидан, кадастрга эга бўлмаган 38 мингта турар-жой ва нотурар-жой объектларига кўчмас мулкка тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилади.
Учинчидан, аҳоли талабини инобатга олган ҳолда жорий йилда 4 мингта уй-жой қурилади. Шунингдек, республика аҳолисига замонавий лойиҳа бўйича 4 мингта якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 4 сотих ер майдони ажратилади.
Шунингдек, иш ўринларини кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Қорақалпоғистонда расман 72 минг ишсиз бор. Ҳар йили меҳнат бозорига 43 минг нафар ёшлар кириб келади. Шуни ҳисобга олиб, 193 минг иш ўрни яратиш, Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган эди. Бу борада йирик корхона ва кластерлар, тоғ-кон саноати, оилавий тадбиркорлик, касаначилик ва қишлоқ хўжалигида имкониятлар кўрсатилмоқда.
2022 йилда аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллиги ва таъминланиши учун 6,6 минг гектар ер майдони ажратилди. Жорий йилда яна 6 минг гектар майдон ажратилиб, сабзи, пиёз, картошка каби кундалик маҳсулотларга бўлган эҳтиёж қопланади. Бўстон каналини бетонлаш орқали Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманларида 100 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади. Далаларнинг периметри бўйлаб 3,6 минг гектар майдонда қовоқ, узум ва сабзавотлар, жами 42 минг тонна маҳсулот етиштирилади.
Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, мактаб ва шифохоналарни таъмирлаш, жумладан, 9 та туманда иссиқлик таъминоти учун ҳам қўшимча маблағлар ажратилади. Йўлларни таъмирлаш, электр энергияси тақчиллигини бартараф этиш чораларини кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.
121views0replies
0

Комментарии