Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ФАОнинг Европа бўйича минтақавий конференцияси (ЕМК) раиси сифатида ФАО раҳбарининг ўринбосари Владимир Рахманин ва Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори, ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили Виорел Гуцу билан учрашди.
Учрашув сўнгида ФАО ва Ўзбекистон ўртасида 17 млн АҚШ доллари миқдоридаги бюджетли 2021-2025 йилларга мўлжалланган Мамлакат ҳадли дастури имзоланди.
Таъкидланишича, имзоланган Мамлакат ҳадли дастури (МҲД) озиқ-овқат тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ миллий стратегик устуворликларга эришишда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак кўрсатишга йўналтирилган.
Шунингдек, учрашув натижаларига кўра, жами 645 минг АҚШ долларилик 4 та грант лойиҳаси ҳам тасдиқланди.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган мазкур 4 та грант лойиҳалар 2021-2023 йиллар мобайнида амалга оширилади.
Маълумот учун, ФАО - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ташкилоти бўлиб, Ўзбекистон 2001 йилда мазкур ташкилотга аъзо бўлган.