Ижтимоий тармоқларда Malibu ҳайдовчисининг йўлдаги қўпол хатти-ҳаракатлари акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Маълум қилинишича, 2000 йил Тошкент вилоятида туғилган муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган Ш. А. жорий йилнинг 4 февраль куни соат 17:40да Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Абдулла Қаҳҳор ва Нукус кўчалари кесишган чорраҳасида, ўзининг бошқарувидаги Malibu русумли автомашинасида йўл ҳаракати қоидалари талабларига амал қилмай ҳаракатланган. ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилганига қарамасдан яна ҳаракатини давом эттирганлиги аниқланган.
ЖИБ Яккасарой туман судининг очиқ суд мажлисида МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган Ш.А.га нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.
Ш.А.га оид МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.
Унга кўра, Ш.А. МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан БҲМнинг 10 баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланган.