Veolia Energy Tashkent компанияси жорий йилнинг баҳорида Тошкент шаҳрида 5 кунлик иссиқ сув таъминотини тўхтатишни режалаштирмаяпти, деб хабар қилди иссиқлик таъминоти ташкилоти матбуот хизмати.
Жорий мавсумда гидравлик синовлар Тошкент шаҳрининг бир нечта туманларида бир вақтнинг ўзида эмас, балки кичик ҳудудларда (кварталларда) мобил насослар ёрдамида ўтказилади.
"Ушбу ёндашув синовлар сифатини оширади. Мутахассисларнинг эътибори иссиқлик тармоғининг кичик бир қисмига қаратилади, яъни ўрганишлар янада чуқурроқ олиб борилади ва кўпроқ нуқсонлар аниқланади", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, гидравлик синовлар ёз-куз даврида (кейинги иситиш мавсуми бошланишига яқинроқ) режалаштирилган.