Бўка туманида мурожаатчининг сарсон бўлишига сабабчи бўлган 3 нафар мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, бир нафарига интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, «Янгибоғ» МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро Музаффар Ҳайдаровнинг мурожаати эътиборсиз қолдирилган. Унга президентнинг 2022 йил 10 сентябрдаги «Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–373-сон қарори талабларига риоя қилинмасдан аукцион орқали олинган ер ўз вақтида ажратиб берилмаган, сансоларликка йўл қўйилган.
Бўка тумани ҳокимлигининг умумий бўлими мудири ўзини вилоят ҳокимининг ёрдамчиси, деб таништирган ҳамда мурожаатчини ёлғон ваъдалар билан бир неча марта алдаб келган. Маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси вазиятни юмшатиш, фуқарога ёрдам бериш ўрнига, шу чоққача алдаб келган. Шу тариқа аукционда ютиб олинган ерга баҳорги экин экиш, ерни тайёрлаш кечикмоқда.
Вазият бўйича Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев танқидий йиғилиш ўтказди. Бўка тумани ҳокимлигининг умумий бўлими мудири Жўраев Бобур, "Янгибоғ" МФЙда ҳоким ёрдамчиси Ҳакимов Ислом, Бўка тумани ҳокимлиги маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўлими раҳбари Диёров Қобул ишдан олинди ҳамда яна бир нафар мансабдорга интизомий жазо қўлланилди.