Поиск
RUUZ

Политика

Ўзбекистон делегацияси Кобулда Афғонистон расмийлари билан учрашув ўтказди

Учрашувда «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўлини қуриш, «Сурхон–Пули-Хумри» йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари кўриб чиқилди.

199views0replies
0

dunyo.info

Кеча, 22 март куни ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили A.Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, Кобулда Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Музокаралар чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Муҳим транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўлини қуриш, «Сурхон–Пули-Хумри» йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидладилар ва икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Мулоқотлар чоғида аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар ўзаро англашув руҳида ўтди ва муҳокама қилинган масалалар юзасидан томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истагини билдиришди.
199views0replies
0

Комментарии