Поиск
RUUZ

Общество

"Янги Ўзбекистонга мана шундай ғалабалар ярашади" – Шавкат Мирзиёев (фото)

Давлат раҳбари ўзбек халқини Наврўз байрами билан табриклаб, тантанали маросимда нутқ сўзлади.

166views0replies
0

president.uz

"Мана шу гўзал ва ҳаяжонли дамларда муаззам “Янги Ўзбекистон” боғида туриб, сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун халқимизни улуғ айём – Наврўз байрами билан самимий табриклайман", - деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, бугун бепоён воҳа ва водий, шаҳар ва қишлоқлар, боғ ва майдонларда эл-юртимиз катта шоду хуррамлик билан Наврўз сайилларини ўтказмоқда.
"Қалбларимиз қувончга тўлиб турган ушбу дилбар лаҳзаларда кексаю ёш жамики юртдошларимизни чин дилдан қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман",- деди президент.
Давлат раҳбари инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсад эканлигини таъкидлади.
Иқтисодиёт, ижтимоий соҳаларни ҳар томонлама ривожлантириш, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, соғлом турмуш тарзи ва спорт, она табиатни асраш каби йўналишларда катта-катта дастурлар бошланганлиги маълум қилинди.
"Ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишда биз мўътабар отахон ва онахонларимиздан, уларнинг доно маслаҳатлари ва дуо-и фотиҳаларидан куч-қувват оламиз.
Миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳурматли ака-укаларимиз, азиз опа-сингилларимизга – бутун халқимизга ишонамиз ва таянамиз.
Бугун катта орзу-умидлар билан сафларимизга кириб келаётган навқирон ўғил-қизларимизни – Янги Ўзбекистон бунёдкорларини барчамиз самимий олқишлаб, уларга бахт ва омад тилаймиз.
Мен бир фикрни такрор ва такрор айтишдан чарчамайман – ҳар томонлама соғлом ва баркамол, билимли ва серғайрат ёшларимиз энг юксак марраларни эгаллашлари учун биз барча имконият ва шароитларни яратиб берамиз", - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, президент Осиё чемпиони бўлган футболчилар ва хоккейчилар ҳақида  ҳам гарирди.
"Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси қизғин беллашувларда мустаҳкам ирода ва маҳорат намунасини кўрсатиб, Осиё чемпиони деган юксак шарафли номга сазовор бўлди. Айни пайтда улар Индонезияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ёшлари хоккей бўйича ўн саккиз ёш тоифасида барча рақибларни ортда қолдириб, Осиё чемпионлигини қўлга киритганлиги қайд этилди.
Айниқса, иқтидорли ҳужумчимиз Жасурбек Рустамхонов мусобақа давомида ўн тўртта гол уриб, чемпионатнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди", - деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари ёш шахматчилар юксак интеллектуал салоҳияти дунё бўйлаб тилларда достон бўлаётганига ҳам эътибор берди.
"Яқинда Тошкентда хотин-қизлар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда истеъдодли шахматчи қизимиз Нилуфар Ёқуббоева 100 дан ортиқ хорижий иштирокчилар қатнашган мусобақада фахрли иккинчи ўринни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман. Шу муносабат билан ёш чемпион ва совриндорларимизни, уларнинг устоз ва мураббийлари, ота-оналарини, барча спорт мухлисларини, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман. Бу, ҳеч шубҳасиз, азамат ёшларимизнинг эл-юртимизга ҳақиқий Наврўз совғаси бўлди.
Шу кунларда барчамиз яна бир қутлуғ ва фазилатли ой – муқаддас Рамазони шариф арафасида турибмиз.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз мусулмонларини, бутун ислом умматини ана шу табаррук айём билан чин қалбимдан муборакбод этаман", - деди президент.
Президент тадбир давомида эртага нишонланадиган Маҳалла тизими ходимлари куни билан ҳам барчани табриклади.
166views0replies
0

Комментарии