Ислом тараққиёт банки «Қишлоқни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш учун 200 миллион доллар ажратади. Унинг асосий мақсади маҳаллий аҳолининг фаол иштироки орқали қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришдан иборат.
Бугунги кунга қадар лойиҳа 113 та Жамиятни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқди. Улардан 31 таси Қорақалпоғистоннинг бешта туманидаги 160 та ижтимоий инфратузилма объектларини яхшилашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида жами 170 та маҳалланинг (40 та марказий ва 130 та туташ маҳалла) 710 мингга яқин аҳолисининг турмуш даражасини ошириш режалаштирилган.
Жумладан, Қорақалпоғистонда 46 та, Бухорода 41 та, Навоийда 34 та, Хоразм вилоятида 49 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд.
Бунда йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқларини, электр таъминоти тизимини яхшилаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, қишлоқ аҳолисининг кенг иштироки асосида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш жараёнларини кучайтириш орқали болалар боғчалари, умумтаълим мактаблари, қишлоқ врачлик пунктлари каби ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилишда ресурс тежовчи ва экологик тоза технологиялар қўлланилади.