Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари томонидан фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган жиноятчи экстрадиция қилинди. Бу ҳақда ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент ва Латвия пойтахти Ригада фаолият юритувчи Интерпол ММБларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, икки давлат мазкур ташкилотларининг раҳбарлари ўртасидаги музокаралар натижасида фирибгарликда айбланаётган халқаро қидирувдаги жиноятчи Ўзбекистонга берилди.
Қайд этилишича, қидирувдаги шахс бир неча йиллар давомида АҚШга чиқиб кетмоқчи бўлганларга ўзини АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходими сифатида таништиради ва ҳужжатларни расмийлаштириш, хорижга чиқишга рухсат олишда ўз хизматларини таклиф қилади. Хизматлари учун маълум маблағ олган. Шу тариқа, фирибгардан анча инсонлар жабр кўрган.
У Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин шахсий маълумотларини ўзгартириб, хорижий давлатнинг сохта паспортидан фойдаланган ҳолда, жиноий фаолиятини давом эттириб, ўзини ҳамон элчихона ходими сифатида таништириб, барча хизматларни кўрсатиб, фирибгарлик йўли билан жабрланувчиларнинг пул маблағларини ўзлаштириб олган.
Бироқ қидирувда бўлган шахсни аниқлаш бўйича узоқ давом этган жараёнга қарамай, унинг чет эл паспортини сохта, шахсий маълумотларини эса ҳақиқий эмас деб топиб, Тошкент ва Рига Интерполнинг ММБ биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланиб, қўлга олинди.
Бош прокуратуранинг экстрадиция тўғрисидаги илтимосномаси қаноатлантирилгандан сўнг жиноятчи Интерпол ММБ ходимлари ҳамкорлигида адолат қарор топиши учун Ўзбекистонга олиб келинди.