Ижтимоий тармоқларда Фарғона шаҳрида мактаб ўқувчиси бўлган қиз ўзини 16 қаватли уйнинг томидан ташламоқчи бўлгани ҳақида хабар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов расмий маълумот берди.
Аниқланишича, 14 ёшли қиз Д.К. (мактаб ўқувчиси) ўгай отаси билан ўзаро жанжаллашиб қолиши натижасида Фарғона шаҳрининг "Тарона" кўчасида жойлашган 16 қаватли уйнинг томига чиқиб олган ва у ердан пастга ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.
Воқеа жойига борган Фарғона шаҳар ИИБ ва ФВВ ходимлари Д.К.ни томдан соғ-омон тушириб олишган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.