«Аэрофлот» авиакомпаниясининг Деҳли — Москва йўналиши бўйича AFL233 рейси самолёти Тошкентга фавқулодда қўнишни амалга оширди, дея хабар берди Uzbekistan Airports Матбуот хизмати. Маълум қилинишича, самолёт маҳаллий вақт билан соат 09:30 да Тошкент аэропортига қўнган.
Қўнишга аппендицит хуружига учраган Ҳиндистон фуқароси сабаб бўлган. Экипаж йўловчининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли муқобил аэродромга қўнишга қарор қилган.
Аэропортга қўнгач, йўловчи тез ёрдам машинасида олиб кетилган ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббий муассасага ётқизилган.