Бугун, 2 март куни сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Сенатининг 2022 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган масала ҳам кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, ўтган йили қонунчилик йўналишида жами 79 та қонун кўриб чиқилди. Сенат томонидан 8 та қонун рад этилди.
Қонунларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти давом эттирилиб, 20 дан ортиқ қонун ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича Ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилди.
Парламент назорати доирасида Сенат ялпи мажлисларида ҳукумат, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисобот ва ахборотлари юзасидан 27 та эшитув ўтказди.
Маълум қилинишича, сенаторлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берган ҳолда, ўрганиш якунлари бўйича мингга яқин масала ҳал этиш учун ҳукуматга киритилди. Мазкур таклифлар асосида 2023 йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 1,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди.
Қайд этилган йўналишларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакат учун устувор этиб белгиланган 16 та нуфузли халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилган.
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида Cotton Campaign халқаро коалицияси томонидан 13 йилдан бери (2009-2022 йиллар) Ўзбекистон пахтасига қўлланган халқаро бойкот бекор қилинди.
Мажлис давомида Сенат фаолияти якунлари кўриб чиқилгач, 2023 йилга мўлжалланган парламент юқори палатасининг устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди.