Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиёнинг энг зич жойлашган минтақаси бўлган Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ерларни суғориш ишларининг самарадорлигини оширишга ёрдам бермоқчи. Бу ҳақда UzNews.uz'га Банк Матбуот хизмати хабар берди.
ЕТТБ маблағлари, асосан, глобал исиш оқибатида эриган музликлардан тушаётган сувлардан ҳосил бўлувчи Сирдарёнинг чучук сувларнинг тўпланишига бевосита боғлиқ бўлган Ўзбекистоннинг учта вилоятида зарурий муҳандислик ишларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Ўзбекистонга берилаётган ЕТТБнинг 199,96 миллион АҚШ долларигача бўлган мазкур суверен кредити собиқ Совет даврида Фарғона водийсининг Ўзбекистон ҳудудида қурилган 118 та эскирган насос станцияларини модернизация қилишга ёрдам беради. У замонавий, энергия жиҳатдан самарадор насос агрегатларини сотиб олиш ва ўрнатиш, шунингдек, тегишли инфратузилмани қайта қуриш учун сарфланади.
Мазкур лойиҳа суғориладиган деҳқончиликка боғлиқ бўлган ва йил давомида ёғингарчилик миқдори кам бўлган бу ҳудуд учун ўта муҳим суғоришга мўлжалланган сувни минтақавий ташиш тизимининг самарадорлигини оширади. Эски сув насосларини замонавий ускуналар билан алмаштириш сув сарфини яхшироқ назорат қилиш ва йўқотишларни камайтириш имконини беради. Бу кўзда тутилган модернизация атроф-муҳитга бевосита ижобий таъсир кўрсатиши, йиллик электр энергияси истеъмолини 277 000 МВт/соатга қисқартириши ва йиллик CО2 чиқиндиларини 129 000 тоннага камайтириши кутилмоқда.