Давлат хавфсизлик хизматининг хабарига кўра, Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тожикистондан мамлакатга контрабанда йўли билан ўтказилган 4 кг 810 гр “опий” ва 42 кг 892 гр “гашиш” моддалари тўхтатиб қолинди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1986 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланиб, жазо муддатини ўтаган шахс Тошлоқ туманида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган таниши билан бирга Бешариқ туманидаги чегара назорат ўтказиш пункти орқали Тожикистоннинг Сўғд вилояти Зафаробод туманига борган.
У ерда маҳаллий наркосавдогар билан учрашиб, юқорида келтирилган ажал оғусини 10 минг АҚШ доллари эвазига Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳудудига ўтказиб беришга келишишган. Лекин, куръерлар наркотик моддаларни давлат чегарасидан ўтказган вақтларида қўлга олинди.
Шунингдек, Самарқанд вилояти ўтказилган текширув давомида бир фуқаронинг уйидан 6 кг 403 гр “опий” моддаси топилган. Таъкидлаш лозимки, ушбу наркотик моддалар ҳам Тожикистон Республикасидан олиб келинган.
Тошкент вилоятида андижонлик 1963 ва 1968 йилларда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган 2 нафар фуқаро 1 кг 399 гр “гашиш” моддасини 15 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида ушланди. Бу ҳолатда наркотик модда Қирғиз Республикасидан олиб келинган.
Қайд этилишича, Андижон шаҳрида яшовчи, 1979, 1984, 1987 йилларда туғилган, муқаддам судланган 3 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг ёнлари ва хонадонлари кўздан кечирилганда Қирғиз Республикасидан келтирилган жами 546 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.