Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Мажлисда депутат Бобур Бекмуродов педофилларни кимёвий ва жинсий бичиш амалиётини қонунчиликка киритиш таклифи билдирилди.
"Ҳали ҳам қонунчиликда педофилияга белгиланаётган жазолар етарли эмас. Масалан, 20 ёшли эркак педофилияга оид жиноятни содир этадиган бўлса, ва 15 йил қамоқ жазосини оладиган бўлса, у 35 ёшида яна жамиятга қайта кириб келади", - дейди депутат.
Бекмуродовнинг таклиф қилишича, бунга барҳам бериш учун жаҳон тажрибасида комплекс чоралар кўрилади – кимёвий ва жинсий бичиш амалиёти ёки мактаблар, таълим муассасаларининг атрофида 10 км радиусда истиқомат қилмаслик масаласи, ёки педофилларнинг очий рўйхатларини эълон қилиш керак.
"Ўйлаймизки, мана шуларни қонунчиликка киритиш керак. Ички ишлар вазирлиги педофилларнинг очиқ рўйхатини доимий эълон қилиб бориши керак. Мазкур қонун лойиҳасига мана шу амалиётларни киритиш керак”, – деб таъкидлади у.
Шунингдек, депутат Зуҳра Шадиева педофиллар яшаш манзили ҳақидаги маълумотлар билан аҳоли мунтазам таништирилиши кераклиги ҳақида таклиф билдирди.
"Чет элда педофиллик жинояти учун қамалиб чиққан шахс томонидан зўрланган қиз учун қасос сифатида Megan’s law қонуни қабул қилинган (1994 йил). Жиноятчи қизнинг қўшниси бўлган.
Ушбу қонунга кўра, маҳаллий аҳолини педофиллардан огоҳлантириб туриш мақсадида полиция томонидан реестр асосида фейсбук ёки бошқа тарқатма материаллар орқали ҳудудида яшаётган педофиллар ҳақида маълумотлар тарқатиб турилган", - дейди у.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.