Поиск
RUUZ

Общество

Фарғонадаги университетда абитуриентлар сунъий равишда имтиҳондан йиқитилгани аниқланди

Вилоятдаги Жисмоний тарбия ва спорт университетида абитуриентларнинг тўплаган балларига сохта ўзгартириш киритилган. Натижада, ҳақиқатда юқори балл тўплаганлар имтиҳондан йиқилган.

324views2replies
0

Facebook

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида 2022/2023-ўқув йилидаги касбий (ижодий) имтиҳон натижалари бўйича ўрганиш ишлари олиб борилган. Унга кўра, 356 нафар (шундан, қўшилган 322, камайтирилган 34) абитуриентларнинг ҳақиқатда тўплаган балларига сохта ёзувлар киритиш орқали, юқори балл тўплаган абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилмай қолинганлиги аниқланган.
Хусусан, велоспорт йўналишида абитуриент Д.Бакировнинг ҳақиқатда тўплаган 105,2 балли сохталаштирилиб, Давлат тест марказининг электрон маълумотлар базасига пасайтирилган 67,4 балл киритилиши оқибатида талабаликка тавсия этилмаган.
Вилоят прокуратураси томонидан 2022 йил 10 декабрда Бош прокуратура орқали Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси раисига хат киритилиб, унда идоралараро ишчи гуруҳи тузилган ҳолда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида ўтказилган касбий (ижодий) имтиҳон натижаларини қайта кўриб чиқиш ва натижаси бўйича таклиф киритиш сўралган.
Шунга кўра, идоралараро ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир абитуриентларнинг натижалари қайта кўриб чиқилган ва 145 нафари асоссиз равишда талабаликка қабул қилинмасдан қолганлиги аниқланган.
Ўрганиш натижалари 2023 йили 14 февраль куни комиссия мажлисида муҳокама қилиниб, юқоридаги 145 нафар (3 нафар давлат гранти ва 142 нафар тўлов-контракт) абитуриентларни талабаликка тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Ушбу қарорга асосан филиал директорининг 16 февралдаги 10, 31 ва 32-сонли буйруқлари билан юқоридаги 145 нафар абитуриент талабаликка қабул қилиниб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Ёшлар ҳуқуқларини бузган филиалнинг собиқ директори Р.Р. ва қабул комиссияси масъул котиби М.М.га нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
324views2replies
0

Комментарии