Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда тез-тиббий ёрдам хизмати ходими калтакланганлиги акс этган видео тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматининг хабар қилишича, бугун, 27 февраль куни тахминан соат 03:30 ларда Сергели тумани Сергели-4 даҳасида истиқомат қилувчи 1979 йилда туғилган А.А. “103” рақамига қўнғироқ қилиб, тез-тиббий ёрдам кўрсатиш бригадасини чақирган.
Чақирувга биноан етиб келган тез-тиббий ёрдам хизмати фельдшери 1983 йилда туғилган Х.О. хонадонга кириб А.А.ни бирламчи кўрикдан ўтказиш вақтида, унинг ёнида бўлган таниши 1990 йилда туғилган К.А. фельдшер гўёки А.А.га яхши қарамаётганлигини билдириб, Х.O.га куч ишлатиш билан таҳдид қилган.
Фельдшер ундан қочиб кўчага чиққан вақтида тез-тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси 1970 йилда туғилган Т.С. Х.О.ни ҳимоя қилган. Шу вақтда К.А. жамоат тартибини бузиб, Т.С.ни уриб, тан жароҳати етказган.
Т.С. олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.