Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташрифининг биринчи кунини ушбу мамлакат етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашувдан бошлади, дея хабар берди Президент Матбуот хизмати.
Миср томонидан тадбирда халқаро ҳамкорлик бўйича вазир Рания ал-Машат, Савдо палаталари федерацияси президенти Иброҳим Маҳмуд ал-Арабий, “Elsewedy Electric”, “El Araby Group”, “Orascom Construction”, “Poliserve Group”, “Al-Rowad”, “Lotus Garments Group” каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Қайд этилишича, товар айирбошлаш кўрсаткичлари каррасига ошди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 6 баробар кўпайди.
Давлат раҳбари куни кеча ўтган Ўзбекистон-Миср бизнес форумининг самарали натижаларини, унинг якунида умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик 20 дан зиёд битим ва шартномаларни амалга ошириш юзасидан аниқ келишувларга эришилганини юксак баҳолади.
"Миср компанияларига мамлакатимизда катта инвестиция дастурларини биргаликда амалга ошириш учун барча имкониятлар очиқ", - деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, “Elsewedy Electric” компанияси электр энергияси, трансформаторлар ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Мисрдаги энг йирик корхона бўлиб, шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, трансформаторлар, кабель-сим маҳсулотлари ва қўшимча қисмларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёр.
“Orascom Construction” Ўзбекистонда индустриал парк яратган ҳолда унинг ҳудудида лок-бўёқ маҳсулотлари ва қурилиш материаллари учун кимёвий моддалар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, шунингдек, 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуришдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашув якунида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қўшма “йўл харитаси” қабул қилиниши белгилаб олинди.