Поиск
RUUZ

Политика

Танзила Нарбаева Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумида иштирок этди

Марказий Осиё давлатлари ўртасида стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Туркистон декларацияси қабул қилинди.

29views0replies
0

senat.uz

Жорий йил 10 февраль куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси ҳам иштирок этди.
Форумда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу жараёнда парламентларнинг ролини янада оширишга доир масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари ўз сўзида Марказий Осиёдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар, ўз навбатида, парламент аъзолари зиммасига катта масъулият юклашини қайд этиб ўтди.
«Халқаро сиёсатдаги юқори турбулентлик шароитида ва жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисаларнинг кучайиши фонида Марказий Осиё давлатлари парламентларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал этишга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Ушбу Форумнинг йўлга қўйилиши эса ана шундай ҳаётий талабларни қондириш билан бир қаторда, минтақавий ҳамкорликка сезиларли даражада суръат бағишлайди ҳамда халқларимизнинг янада яқинлашишига туртки беради.
Парламент вакиллари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан, одамларни қийнаб келаётган муаммолардан яхши хабардорлиги ҳамда уларни ҳал этишда парламент ресурсларини етарлича жалб қила олиш имконига эгалиги Марказий Осиёда яшовчи халқлар манфаатларига тўла жавоб берадиган ечимларни ишлаб чиқишга замин яратади.
Минтақа давлатлари парламентларининг самарали мулоқоти бўйича йўлга қўйилаётган мазкур янги платформа доирасида мамлакатлар қонун чиқарувчи органлари ўзаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янада фаоллаштиришимиз керак.
Шунингдек, миллий қонунчилик асосларини ўзаро уйғунлаштириш ва яқинлаштириш бўйича қонунчилик нормаларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда такомиллаштириш мақсадга мувофиқ», — дея таъкидлади Сенат раиси Т. Нарбаева.
Форумда умумий тарихий-маданий меросга асосланган маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришда парламент аъзоларининг иштирокини янада кучайтириш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Форум иштирокчилари мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда турли форумлар, фестиваллар, маданий тадбирларни ўтказиш, халқларимизни бир-бири билан янада жипслаштиришга хизмат қилувчи туризм йўналишлари бўйича ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Тадбир якунида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумининг минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Туркистон декларацияси қабул қилинди.
29views0replies
0

Комментарии