Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди.
Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси ташкил этилди ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
— махсус органларни қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техника ҳамда бошқа ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларни белгилаш;
— Ўзбекистон Қуролли кучларини ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлаш бўйича комплекс дастурларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
— махсус органларни ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан таъминлашни молиялаштириш масалаларини кўриб чиқиш ва унинг манбаларини белгилаш;
— давлат мудофаа буюртмасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
— янги ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ёки мавжудларини модернизация қилиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликни йўлга қўйиш, соҳани ривожлантириш учун имтиёзлар ва преференциялар бериш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
— ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, озиқ-овқат, кийим-кечак анжомлари, дори воситалари, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа ҳарбий-техник мол-мулкнинг стратегик захираларини яратиш чораларини белгилаш;
— мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар бўйича янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш масалаларини кўриб чиқиш;
— уруш даври учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарига сафарбарлик топшириғини бириктириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
— махсус органларни қуроллантириш ва мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилишини кўриб чиқиш.
Фармонда келтиришича, Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ташкил этилади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида эса хорижда ишлаб чиқариладиган ҳарбий маҳсулотларни харид қилиш, экспорт қилиш билан шуғулланадиган O'ztextreyd давлат унитар корхонаси тузилади.
Ўзбекистон Қуролли кучларини қуроллантириш давлат комиссияси раиси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.