Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр билан микрокредитлар ажратилади.
Бу ҳақда президентнинг “Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.
Қарорга мувофиқ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни молиявий манба билан таъминлаш мақсадида кейинчалик микрокредитлар ажратиш учун “Ўзмиллийбанк” АЖга 30 миллион АҚШ доллари эквивалентида 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст фоиз ставкасида маблағ йўналтиради.
Ўз навбатида “Ўзмиллийбанк” АЖ заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлари ва хом ашё харид қилиш, айланма маблағларини тўлдириш мақсадида маълум шартларда микрокредитлар ажратади.
Яъни, 300 миллион сўмгача бўлган миқдорда 3 йил муддатга, 6 ойгача имтиёзли давр билан ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида микрокредитлар ажратилади.