Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йилнинг январь ойида ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган Х.Д. ва 1989 йилда туғилган И.О.лар томонидан «аёл кишининг кўчага чиқиш одоблари» номли видеолавҳа тарқатилиб, унда бу шахслар диний мазмунда аёлларнинг кўчага чиқишга оид турли номақбул чекловларини баён қилганлари акс этган.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида Х.Д. ва И.О.лар жорий йилнинг 26 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБга таклиф этилди.
Ўтказилган суҳбат давомида аёлларнинг кўчага чиққанида ўзларини қандай тутиши, одоби, бегона шахслар билан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида ўз ташаббусларига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирганликлари маълум бўлди.
Шу муносабат билан, ушбу фуқаролар МЖтКнинг 184-2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)га асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.