Тиланчилик — динимизда қораланган ишлардан ҳисобланади. Фақатгина уламоларимиз биттагина ўринда тиланчиликка рухсат берадилар. Яъни бир киши фақир, камбағал, бугунга етадиган таоми йўқ. Агар бугун тиланчилик қилмаса, аниқ оч қолади. Шунақа одамгина бугунга етадиган таомини одамлардан сўрашига шариатимиз рухсат беради. Агар уни бугунга етадиган таоми бўла туриб, тиланчилик қиладиган бўлса, бу ниҳоятда катта гуноҳ. Гўёки, ҳаром йўлдан пул топаётган одам билан ҳолати бир хил бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг даврларида ҳам бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, бир нарсани тиланди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в) уйингиздаги бор нарсани сотингда, унинг пулига бир арқон билан болтани сотиб олинг. Шу орқали ўтинларни териб, ўтинчилик билан шуғулланинг, деб шу мазмунда насиҳат қилганлар. У одам Расулуллоҳнинг тавсияларига амал қилиб, уйидаги бор нарсаларини сотиб, арқон ва болта сотиб олади. Натижада ўтинчилик билан шуғулланиб, узоқ вақт ўтмасдан шароити яхшиланади. Сўнгра Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, миннатдорчилигини билдиради.
"Агар мусулмон киши бирор нарса топа олмаётган бўлса, тезлик билан тиланчиликка чиқмаслиги керак. Уйидаги нарсаларини сотиб бўлса ҳам бирор касбни бошини ушлашга ҳаракат қилиши лозим. Агар унда ҳеч қандай имконият бўлмасдан оч қоладиган ҳолатда бўлса, шундагина фақат бугунги кунга етадиган нарсасини тиланишга шариатимиз рухсат беради. Банда бугунга етадиган таоми бўла туриб, тиланиш эшигини очадиган бўлса, Аллоҳ таоло унга бир қанча фақирлик эшикларини очиб қўядилар", - дея Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадисларда айтганлар.
"Шунингдек, ўзининг имконияти бўлсада, тиланчиликни касб қилиб олганлар бор. Булар ҳаргиз бой бўлмайди, доимо муҳтожликда юради. Чунки у ўзи тиланчиликка лойиқ бўлмай туриб, тиланиб, шариатни бузяпти. Натижада умрининг охиригача шундай тиланчиликда ўтиб кетади, бундан Аллоҳ асрасин. Тиланчи бу гуноҳдан афсусланмасдан, тавба қилмасдан ўтадиган бўлса, Қиёматда уларнинг юзлари гўштсиз ҳолатда тирилади, дейилади ҳадисда. Негаки, бу дунёда ўзининг имконияти бўла туриб, одамлардан нарсаларни сўраб, юзсизлик қилган бўлади. Бу дунёнинг ўзида юзида суви қолмайди, обрўси бўлмайди. Қолаверса, бундай тиланчиларга қиёматдаги ўзининг чўғ азобларини кўпайтиради", - дейилган яна бир ҳадисда.
Ўзи кимларга садақа бериш керак?
Тиланчиликни касб қилиб олганларга садақа берилса, гўёки уларга ёрдам берилгандек бўлади. Уларнинг гуноҳ иш қилишлигига шароит яратиб берган бўлади, дейилади ҳадисда. Садақани ўзи ҳақиқий фақир бўлсада, тиланчилик мумкинмас дея, уйида ўтирган маҳаллалардаги қийналган муҳтож оилаларга бериш керак. Шунингдек, масжид, мадрасаларга, толиби илм, шартнома пулларига қийналаётган талабаларга бериш лозим.